Ўзбекистон президенти маданият ривожи ва жамият тараққиёти ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик кўрмоқда
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маданият ривожи ва жамият тараққиёти ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик кўрмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, бу ҳақида давлат раҳбари раислигида 25 декабрь куни маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда гапирилди.
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди, деб таъкидлади Президент. “Халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Шу маънода, маданият – бу халқимиз, жамиятимиз қиёфасидир. Биз Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, буни, аввало, миллий маданиятимизни ривожлантиришдан бошлашимиз лозим”, деб давом этди Ўзбекистон президенти.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда ана шу вазифаларни бажариш бўйича Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва ижодий ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва янги бочқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Тегишли мутасадди раҳбарларга П.Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида 400 ўринли, Республика дизайн коллежида 200 ўринли ўқувчилар турар жойини қуриш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берилди.
Йиғилишда маданият ва санъат соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ғоят муҳим вазифалардан бири экани алоҳида қайд этилди.
Сурат манбаи: http://mice-uzbekistan.uz/en/culture/