Ўзбекистон президенти мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлига содиқ қолишини баён қилди

Дата: 16:23, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлига содиқ қолишини баён қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз”, - дейилади ўзбек давлати етакчисининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида. 

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ичида “сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат”. 

“Умумхалқ муҳокамасидан сўнг беш йилга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Бу стратегияни ишлаб чиқишда биз ўзимизга четдан назар ташлаб, салоҳият ва имкониятимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимизни ҳам атрофлича танқидий таҳлил қилдик”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди, деб давом этди ўзбек етакчиси. “Бизнинг мақсадимиз – юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат. Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: