Ўзбекистон президенти Марказий Осиё – Форс корфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланишга чақирди

Дата: 15:26, 16-03-2018.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг остонадаги маслаҳат учрашувидаги нутқида Марказий Осиё – Форс корфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланишга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Марказий Осиё минтақасининг транзит-логистика салоҳиятини тубдан ошириш – саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни тақозо этадиган ғоят муҳим стратегик йўналишдир. Марказий Осиёни йирик денгиз портлари ва жаҳон бозорлари билан боғлаш имконини берадиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш биз учун устувор йўналиш бўлиши лозим, деган фикрни қўллаб-қувватлайсиз, деб ўйлайман”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

“Шу нуқтаи назардан Халқаро танспорт ва транзит йўлаги тўғрисидаги Ашхобод битими доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиё – Форс корфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланиш, Жанубий Осиёга чиқадиган Трансафғон йўлагини шакллантириш, шунингдек, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўл магистралларини қуришга киришиш, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида россиялик шериклар томонидан таклиф этилган ШҲТ йўлларини ривожлантириш дастурини келишишни тезлаштириш ва қабул қилишни таклиф этамиз”, - деб таклиф қилди Мирзиёев.

Ана шу умумминтақавий вазифаларни амалга ошириш мақсадида биз жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказишни режалаштирганмиз, - дея қайд этди Ўзбекистон президенти.

Сурат манбаи: https://haqqin.az/news/86758

Янгилик билан ўртоқлашиш: