Ўзбекистон президенти мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ўтган йилга солиштирганда икки баробарга кўпайтириш вазифасини қўйди

Дата: 14:21, 28-02-2018.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ўтган йилга солиштирганда икки баробарга кўпайтириш вазифасини қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу вазифа 27 февраль куни экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишда қўйилди.

“Жорий йилда мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ошириш белгиланган. Бунинг учун ҳудудларда август пиёзи, саримсоқпиёз, тўқсонбости экинлар ҳосилини ўз вақтида ва тўлиқ йиғиб олиш, уларни хорижга сотишни ташкил этиш зарур. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган ҳудудларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, пахта ва ғалладан бўшайдиган қўшимча 150 минг гектар ерга сердаромад экинлар экиш, йирик экспортчи ташкилотларга қўшимча экин майдонлари ажратиш, замонавий иссиқхоналар, музлаткичли омборхоналар ва қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш керак”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шу муносабат билан Бош вазир ўринбосарлари ва ҳокимликларга барча ҳудудларда тасдиқланган 2018 йилда мева-сабзавот, полиз, узум ва дуккакли маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш, қайта ишлаш, экспорт ҳажмларини ошириш ва ички истеъмолни таъминлаш, озиқ-овқат лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурларини тўла ижро этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Сурат манбаи: http://upl.uz/president/917-news.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: