Ўзбекистон президенти Миллий хавфсизлик хизматини реструктуризация қилиш зарурлигини таъкидлади

Дата: 12:56, 01-02-2018.

Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) реструктуризация қилиш зарурлигини таъкидлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 “Давлатимиз раҳбари замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, Миллий хавфсизлик хизматининг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлади. Махсус хизмат доирасига кирмайдиган вазифалар билан шуғулланадиган, бошқа давлат тузилмалари фаолиятини такрорлайдиган бўлинмаларни тугатиш, айни вақтда миллий хавфсизликнинг устувор йўналишларини таъминлайдиган бўлинмаларни мустаҳкамлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг 31 январда Президент раислигида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши ҳақидаги хабарида.

Ўзбекистон тараққиётининг Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган кенг кўламли вазифалардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизнинг барча соҳалари давр талаби асосида тубдан ислоҳ этилаётган янги шароитда Миллий хавфсизлик хизматининг яқин келажакка мўлжалланган устувор вазифалари белгилаб олинди, дейилади яна хабарда.

Президентимиз Миллий хавфсизлик хизмати давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органларидан бири сифатида ўзининг кундалик фаолиятини мамлакатимизнинг барча вазирлик ва идоралари учун асосий фаолият мезонига айланган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойил асосида ташкил этиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Сурат манбаи: https://ok.ru/profile/553222656085/pphotos/492773826389

Янгилик билан ўртоқлашиш: