Ўзбекистон президенти минтақавий транспорт соҳаси доирасда қатор ташаббуслар билан чиқди
Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий транспорт соҳаси доирасда қатор ташаббуслар билан чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Минтақамиз мамлакатларини халқаро, жумладан, денгиз орқали юк ташиш тизимига интеграция қилиш хусусида сўз юритар эканмиз, айни вақтда ушбу ижобий жараёнга қатор омиллар тўсиқ бўлаётганини қайд этиш лозим.
Бу, аввало, Марказий Осиёда транспорт қатновини ривожлантириш, тўсиқларни бартараф этиш, минтақа давлатларининг виза, транзит ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, тариф сиёсатини уйғунлаштириш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича ягона қараш ва ёндашувлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ”, - дейилади Ўзбекистон президентининг “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” халқаро конференцияси иштирокчиларига йўллаган қутловида.
Шу муносабат билан, деб давом этди давлат раҳбари, қуйидагиларни таклиф этамиз:
Биринчидан, Жаҳон банки, Осиё ва Ислом тараққиёт банклари, бошқа халқаро институтлар экспертлари ёрдамида Марказий Осиёнинг минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва шу асосда Марказий Осиё транспорт тизимини барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий дастур қабул қилиш зарур, деб ўйлаймиз. Иккинчидан, минтақа мамлакатлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида муҳим роль ўйнашини ҳисобга олиб, ушбу ташкилот доирасида транспортда юк ташиш жараёнларини интеграциялаштирган ҳолда бошқариш тизимини яратиш лозим.
“Учинчидан, транспорт-логистика соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал этишда мувофиқлаштирувчи тузилма бўладиган Марказий Осиё мамлакатлари транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгашни шакллантириш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, минтақанинг туризм жозибадорлигини ошириш мақсадида транспорт коммуникациялари ва инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш зарур. Жаҳон туризм ташкилоти билан биргаликда Марказий Осиёда туризм хабларини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш айни шу мақсадга хизмат қилган бўлар эди”, - дея санаб ўтди Мирзиёев.
Умид қиламанки, анжуманда маъқулланадиган ана шу ва бошқа ташаббусларни амалга ошириш Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашда, уни иқтисодий ривожланган минтақага айлантиришда, энг муҳим халқаро транспорт-транзит марказларидан бири сифатида минтақамизнинг жаҳон транспорт хизматлари бозоридаги рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Бугунги конференция натижалари минтақамизни халқаро транспорт йўлаклари тизимига интеграция қилишга доир янги ёндашув ва устувор йўналишларни ишлаб чиқиш, Марказий Осиёнинг ишга солинмаган улкан салоҳиятини мамлакатларимиз ва халқларимизнинг умумий манфаатлари йўлида сафарбар этишда фойдали бўлишига ишонаман, деб хулоса қилди Ўзбекистон президенти.
Сурат манбаи: из http://xs.uz