Ўзбекистон президенти Москвадаги Ғалаба Парадида қатнашмайди
Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Москвадаги Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашмайди, деб хабар қилади “Новый Век” газетаси чоршанба куни Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизматидаги манбага асосланган ҳолда.
Нашр маълумотида айтилишича, “Республикада фашизм устидан ғалабанинг 70 йиллиги кенг нишонланади ва қатор табдбирлар ўтказилади. Давлат раҳбари ушбу тадбирларда фаол иштирок этади”.
Айни пайтда Каримовнинг Россия пойтахтидаги расмий тадбирлардаги иштирокига доир расмий маълумотлар мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамизки, 9 май Ўзбекистонда 1999 йилдан бери Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаб келинади. И.Каримов ҳар йили ушбу байрамда Тошкентдаги “Мустақиллик” майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйиш тантанали маросимида иштирок этади ва бу ерда ветеранлар билан учрашади.
“Нуроний” жамоатчилик жамғармаси маълумотларига кўра, Улуғ ватан урушида Ўзбекистонлик 1,4 млн киши қатнашган. Улардан 400 мингдан ошиғи урушда ҳалок бўлиб, 130 мингги бедарак йўқолган. Ҳозирда республикада 3 минг атрофида уруш қатнашчиси ва 70 мингдан ошиқ меҳнат фронти қатнашчлари истикомат қилмоқда.


