Ўзбекистон Президенти мустақилликнинг 23 йиллигини нишонлашда расмиятчилик ва баландпарвозликка қарши чиқди

Дата: 13:30, 04-07-2014.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти мустақилликнинг 23 йиллигини нишонлашда расмиятчилик ва баландпарвозликка қарши чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида мамлакат раҳбари томонидан яқинда имзоланган қарорда айтилади.
“Ахборий-маърифий, маънавий-маданий тадбирлар дастурини амалга оширишда ушбу ишларнинг ҳар қандай расмиятчилик ва баландпарвозликдан ҳоли бўлишига алоҳида эътибор берилсин”, - дейилади қарорда.
Бундан ташқари, қарор билан байрамни ўтказиш бўйича республика комиссияси таркиби тасдиқланди. Республика комиссиясига бир ҳафта муддатда ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шунингдек, жойларда – Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларида ҳам Мустақиллик байрамининг 23 йиллигини юксак савияда нишонлаш учун ҳудудий комиссиялар тузиш буюрилди
Хужжатда байрам дастури тадбирларида “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаш, мамлакатимизнинг ўтган аср охирида кескин ижтимоий муаммолар гирдобига тушиб қолган, аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича собиқ СССРда энг охирги ўринлардан бирини эгаллаган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, қолоқ аграр республикадан бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ўсиб, иқтисодий қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган замонавий давлатга айланганини очиб бериш” зарурлиги қайд қилинди.
Хужжат матнида мамлакат иқтисодиётининг кўрсатилган муддатдаги ривожланиш динамикасига эътибор қаратилишига алоҳида эътибор қаратилади. “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти 4,1 баробар, аҳолининг ялпи реал даромадлари жон бошига 8,2 карра ошгани, кейинги 9 йил давомида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8% кам бўлмасдан келаётгани” қайд этилади.
Эслатиб ўтамизки, Мустақиллик байрами Ўзбекистонда 1 сентябр куни нишонланади ва дам олиш куни ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: