Ўзбекистон президенти “Навоий” логистика маркази фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди

Дата: 13:54, 07-12-2017.

Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Навоий” логистика маркази фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 Топшириқлар 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда берилди.

 “Шавкат Мирзиёев нефть-газ тармоғи мутасаддиларига миллий авиакомпания ва бошқа хорижий юк ташувчиларнинг авиакеросинга эҳтиёжини ўз вақтида ва 100 фоиз таъминлаш, ҳафталик ёқилғи етказиб беришни ошириш, бунда жаҳон бозоридаги нарх-навони инобатга олиб иш тутиш юзасидан топшириқлар берди”, – дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Шундан кейин қайд этилишича, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига тегишли ташкилотлар билан биргаликда амалдаги тарифларни қайта кўриб чиқиб, оптимал тарзда пасайтириш, логистика марказлари тажрибасини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш вазифаси юкланди. Миллий авиакомпания Навоий шаҳри аэропортига дунёнинг етакчи юк ташувчи компанияларини жалб қилиш ишларини янада фаоллаштиради, почта юкларини ташувчи етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиб, “Навоий” хабида минтақавий почта-алоқа воситалари тузилмасини ташкил этиш каби чораларни ўз ичига олган “йўл харита”сини ишлаб чиқади”, - дейилади хабарда.

 Шунингдек, божхона органлари ва самолётда юк ташувчи ташкилотлар ўртасида электрон маълумот алмашуви тизимини йўлга қўйиш, “Навоий” логистика маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш ва бошқа масалалар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: