Ўзбекистон президенти “Навоий” логистика маркази раҳбариятини кескин танқид қилди

Дата: 13:13, 07-12-2017.

Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Навоий” логистика маркази раҳбариятини кескин танқид қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Танқид 6 декабрь куни “Навоий” халқаро интермодал логистика маркази фаолиятини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

“Марказ фаолияти таҳлил қилинганда, шунча қулайлик ва имкониятларга қарамай, терминал қувватидан амалда тўлиқ фойдаланилмаётгани аниқланди. Йилига 100 минг тонна юк ўтказиш қувватининг 20 фоизидан ҳам камроғи ишга солинмоқда, холос. Ўтган саккиз йил давомида ушбу аэропорт орқали 300 минг тонна юк ташилгани буни яққол тасдиқлайди”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

2017 йил якунига кўра, терминалда умумий юк айланмаси 2016 йилдагига нисбатан 11 фоиз ёки 33 минг тоннагача камайиши прогноз қилинмоқда.

Бундай ҳолат юзага келишига бу соҳага бевосита масъул бўлган айрим мансабдор шахсларнинг бепарволиги, масъулиятсизлиги, ушбу марказни чуқур ўйланган стратегия асосида ривожлантирмагани сабаб бўлди, деди давлатимиз раҳбари. “Кўп йиллар мобайнида Навоий аэропорти ва логистика марказининг ноёблиги, жозибадорлиги, бошқалардан ажралиб туриши тўғрисида баландпарвоз гаплардан нарига ўтилмади”, - дея қайд этди давлат раҳбари.

Статистик маълумотларга кўра, марказда кунига ўртача иккита парвоз амалга оширилмоқда. “Бу эса ушбу логистика маркази ва аэропорт салоҳиятидан фойдаланиш даражаси мақтовдан анча йироқ эканини кўрсатади.

Ишни ташкил қилишга муносабатнинг қанчалар аянчли ҳолда бўлганини шундан ҳам билса бўладики, ҳозирги кунгача “Навоий” логистика маркази объектларини фойдаланишга топшириш бўйича давлат қабули амалга оширилмаган, деб қайд этди Президентимиз. Марказдаги ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш сиғимлари ҳам охиригача қуриб битказилмаган”, - деб таъкидлади яна Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: