Ўзбекистон президенти Наврўз байрамини ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқишни буюрди
Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислам Каримов “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хужжатга мувофиқ, байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таркиби ҳам тасдиқланди.
“Ташкилий қўмита Наврўз байрамини пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ўтказишга қаратилган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин”, – деб таъкидланади қарор матнида.
Жорий йилда байрам дастурларига фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, оилавий ансамбллар, бахши-шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини танлов асосида жалб этилади.
Байрам тадбирларини ўтказиш молиялаштириш ҳудудларда маҳаллий бюджетлар, шунингдек, хайрия маблағлари ҳисобидан, Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда амалга оширилади.