Ўзбекистон президенти нефт-газ маҳсулотлари экспортини ошириш бўйича топшириқ берди

Дата: 10:37, 24-10-2019.

Тошкент. 24 октябрь. ЎзТАГ – 23-октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нефт-газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга узлуксиз етказиб беришга бағишланган йиғилишда нефт-газ маҳсулотлари экспортини ошириш бўйича топшириқ берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Йиғилишда нефт-газ соҳасидаги мавжуд муаммолар, белгиланган лойиҳаларни амалга оширишдаги камчиликлар муҳокама қилинди. Бу йил охиригача мумкин бўлган кечикишларни тўлдириш учун чора-тадбирлар қабул қилиш, шунингдек, 2020 йил учун нефт, нефт маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун прогноз шакллантириш топширилди", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, углеводород хомашёсини қазиб олиш ва қайта ишлаш, аҳолига ва экспортга узлуксиз етказиб бериш, технологик харажатлар ва йўқотишларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Энергетика вазирлиги ва нефт-газ тармоғи корхоналари нефт маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ ишлаб чиқаришнинг прогноз кўрсаткичлари бажарилишини, шунингдек, уларни иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига етказиб беришни таъминласин.

"Шу билан бирга, мансабдор шахсларга куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, жалб этилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, нефт-газ маҳсулотлари экспортини ошириш учун қўшимча захираларни излаш, қудуқлар кесимида қазиб олиш ҳажмини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини жорий этиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди", - дейилади хабарда.

Белгиланган вазифалар ижросини мувофиқлаштириш учун Ҳисоб палатаси, Иқтисодиёт ва саноат, Энергетика вазирликлари ва бошқа манфаатдор идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот тайёрлаш ва ва уни етказиш, истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш топширилди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: