Ўзбекистон президенти “қонунлар ва қонунчилик нормаларини сўзсиз бажариш”ни таъминлашни талаб қилди

Дата: 16:51, 09-12-2015.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ - Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “қонунлар ва қонунчилик нормаларини сўзсиз бажариш”ни таъминлашни талаб қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унинг фикрига кўра, қонун ва қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишда уларнинг умумий принцип ва механизмларини белгилаб қўйиш билан чегараланмаслик керак. “Бу аввало олдимизда турган вазифаларимиз сари илгарилаб боришимизни таъминлаб бериши зарур”, - деб таъкидлади И.Каримов.

Давлат раҳбари сўзларига кўра, шу саволларга жавоб топиш, бу борада ҳукм сураётган вазиятни холисона таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистондаги бугунги аҳволни дунёдаги бошқа давлатлар билан қиёслаб, солиштирганда кўп нарса аён бўлади.

“Шу нуқтаи назардан, АҚШда фаолият кўрсатаётган, катта обрўга эга бўлган, Гэллап институти деб ном олган ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» деган мавзуда 2015 йилда ўтказилган ва эълон қилинган тадқиқот материаллари билан танишиш айни муддао бўлур эди. Ушбу нуфузли ташкилот шу йўналиш бўйича ўз хулосасини чиқариш учун жаҳон миқёсида 141та мамлакатда сўров ўтказиб, катта ёшдаги 142 минг шахснинг фикрини ўрганган. Сўровномада 3та савол ўртага қўйилган. Биринчи савол «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?». Иккинчи савол: «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми?». Ва учинчидан, «Охирги ўн икки ойда сиз ва оила аъзоларингизнинг пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?» деган савол берилган. Айни мана шундай саволлар орқали, авваламбор, сўров ўтказилган мамлакатда яшаётган ҳар қайси одамнинг кайфиятига, унинг ўзини эркин ҳис этишига қонунда белгиланган тартибларга амал қилиш қандай таъсир кўрсатаётганини аниқлаш кўзда тутилган”, - деб сўзлаб берди Ўзбекистон президенти. 
Бизнинг Ўзбекистонимиз бу сўровнома натижаларига кўра, дунёдаги 141та давлат орасида 2-ўринни эгаллаганини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш лозим, деб хулоса қилди И.Каримов.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: