Ўзбекистон президенти Қорақалпоғистонга борди ва у ерда тиғиз кун ўтказди

Дата: 11:20, 16-11-2018.

Тошкент. 16 ноябр. ЎзТАГ – Куни кеча, 15 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга борди ва у ерда тиғиз кун ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Президенти 30 минг киши истиқомат қилиувчи Мўйноқ туманига ташрифи доирасида янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Меҳнатга лаёқатли инсонларнинг аксарияти ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда банд. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш ташкил этилди, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш бўйича имкониятлар ишга солинди.

“2019 йилда Мўйноқ туманида яна кўплаб - саноат соҳасида 12 та, қишлоқ хўжалигида 5та, хизмат кўрсатиш бўйича 14та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган”, - дейилади хабарда давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Қанликўл туманида бунёд этилган “Кантекс инвест” тўқимачилик корхонаси билан танишди. Айни пайтда корхонага Германия, Швейцария, Туркия ва Ҳиндистондан сўнгги русумдаги тўқимачилик дастгоҳлари келтирилган бўлиб, уларни ўрнатиш ва монтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати $38,7 бўлган корхонани келаси йил биринчи чорагида ишга тушириш мўлжалланмоқда. Бу ерда дастлабки босқичда йилига 11 минг тонна дунё талабларига жавоб берадиган сифатли ип-калава ишлаб чиқарилади. Навбатдаги босқичда тўқимачилик матоси тайёрлаш, 2021 йилда амалга ошириладиган сўнгги босқичда мато бўяш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, йилига $25 млндан зиёд маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, таъсисчилари билан суҳбатлашди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот” фуқаролар йиғинидаги 23-оилавий поликлиникага ташриф буюрди. Бу поликлиника “Қўнғирот”, “Шуманай”, “Қангли” овул фуқаролар йиғинларида яшайдиган 12 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Олий маълумотли шифокорлар бир кунда 100 кишига хизмат кўрсатади.

Кейин Шавкат Мирзиёев Қўнғирот туманида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил қилинган Wunderkinds in Kungirad мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди.

“Фарзандларимизни болалигидан соғлом, ақлли қилиб тарбияласак, эртага мактабга билимли ёшлар келади. Мактабни ўқувчилар ҳар томонлама билимли бўлиб битирса, институтларимизга илм-маърифатли, маънавиятли ёшлар боради, мамлакатимиз учун яхши кадрлар етишиб чиқади. Шунинг учун мактабгача таълим доим диққатимиз марказида бўлиши керак”, - деб иқтибос келтиради матбуот хизмати давлат раҳбарининг сўзларидан.

Президент мутасадди раҳбарлар ва боғча ходимларига тегишли тавсиялар берди.

Сурат манбаи: gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: