Ўзбекистон президенти қорақалпоқ ва хоразм тадбиркорларига имтиёзлар тақдим қилди

Дата: 17:16, 27-03-2017.

Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қорақалпоқ ва хоразм тадбиркорларига имтиёзлар тақдим қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу 17 мартда эълон қилинган “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш тўғрисида”ги қарорда кўзда тутилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида рўйхатдан ўтган ишлаб чиқариш фаолиятини олиб бораётган юридик шахслар ўзлари ишлаб чиқараётган саноат товарларини (хом-ашёлардан ташқари) экспорт қилиш қисмида валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилади.

Фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар 2022 йилнинг 1 январигача бўлган даврда мулк солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилди.

Хужжатда айтилишича, фармацевтика товарлари ва препаратлари, электротехника маҳсулотлари (кабель-ўтказгич маҳсулотларидан ташқари), шунингдек, пардозлаш қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларга ҳисобот йили якунлари бўйича юқоридаги маҳсулотлардан тушган соф тушум улуши 60% кам бўлмаган юридик шахслар киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: