Ўзбекистон президенти Остонага амалий ташриф билан боради

Дата: 10:13, 14-03-2018.

Тошкент. 14 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 2018 йил 15 март куни амалий ташриф билан Остона шаҳрига боради, деб хабар беради давлат раҳбарнинг матбуот хизмати.

“Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кенг кўламли кун тартибига эга биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этади. Ушбу учрашувни ўтказиш таклифи Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойида ўтган 72-сессиясида илгари сурилган ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда яхлит дастур даражасигача ривожлантирилган эди”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг ушбу ташаббуси минтақанинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланиб, Қозоғистон олий даражадаги биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф этганлиги таъкидлаб ўтилган.

“Давлатимиз раҳбари шу куни Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросимида иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашуви ҳам режалаштирилган”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: http://www.profi-forex.org/novosti-mira/novosti-sng/uzbekistan/entry1008298156.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: