Ўзбекистон президенти Қозоғистон парламенти Сенати спикерини қабул қилди
Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – 27 сентябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати спикери Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат раҳбари мабуот хизмати берган хабарга кўра, президент Қозоғистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ва Олий Мажлис палаталарида ўтказилган самарали музокаралар натижалари ўзаро алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беришини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон президентининг жорий йил март ойида Қозоғистонга ва Қозоғистон президентининг шу ойда Ўзбекистонга давлат ташрифлари, шунингдек, давлатларимиз раҳбарларининг мунтазамлик касб этган ва ишончга асосланган мулоқоти кенг кўламли Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани қайд этилди.
Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани, ўзаро савдо ҳажми ва тури изчил ортиб, диверсификация қилинаётгани, энергетика ва машинасозлик тармоқларида муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошлангани, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик кенгайгани шундан далолат беради.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик, жумладан, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Иккитомонлама келишувлар ва қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли шерикликка доир истиқболли лойиҳа ва дастурларни илгари суришда мамлакатлар парламентлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказиш, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентларининг тегишли қўмиталари ўртасида яқин амалий алоқалар ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди.
Юқори мартабали меҳмон Шавкат Мирзиёевга самимий ва мазмунли учрашув учун миннатдорчилик билдириб, Қозоғистон етакчиси Нурсултон Назарбоевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.


