Ўзбекистон Президенти Покистондаги табиий офат натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди

Дата: 12:51, 08-02-2017.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайнга мазкур мамлакатда содир бўлган қор кўчкилари туфайли инсонларнинг қурбон бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этилган мактуб йўллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида куни кеча Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати маълум қилди.

“Давлатимиз раҳбари табиий офат натижасида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказиб қўйишни сўради”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 5 февралда Покистоннинг шимолий-ғарбида жойлашган Хайбер-Пахтунхва вилоятида қор кўчкиси юз берди. Бунинг оқибатида шу ердаги қишлоқлардан бирида камида 14 киши қурбон бўлди.

Натижада бутун аҳоли пункти қор остида қолди, бешта уй бузилди.

Қутқарувчилар қидирув жараёнида 14 кишининг жасади топилгани, яна саккиз киши тирик ҳолда топилиб, тезда касалхонага жўнатилгани ҳақида хабар бердилар.

Афғонистон билан чегара участкасида ҳам яна бир қор кўчкиси полиция участкасини босиб қолгани ҳам маълум. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: