Ўзбекистон Президенти Раҳмон ва Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Дата: 16:59, 24-07-2019.

Тошкент. 24 июль. ЎзТАГ - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон ва Туркманистон президентлари Имомали Раҳмон ва Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

"24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Суҳбат аввалида Тожикистон Президенти давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий табриклади. Ўзбекистон Президентининг ўзбек-тожик дўстлик, тотув қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги муҳим роли ва фаол саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди. Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартиби ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва кооперацияни кучайтириш, фаол гуманитар алмашувларни, жумладан, чегара ҳудудлари ўртасида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди", - дейилади давлатимиз раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

"Суҳбат аввалида Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий табриклаб, кўп миллатли Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади. Давлат раҳбарлари икки қардош давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар. Икки томонлама масалалар, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон президенти самимий табриклари учун миннатдорлик билдириб, Туркманистон Президентига жорий йилнинг август ойи бошида "Аваза" миллий сайёҳлик ҳудудида бўлиб ўтадиган биринчи Каспий иқтисодий форумини муваффақиятли ўтказишни тилади, - деб якунланади хабар.

Сурат манбаи: review.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: