Ўзбекистон президенти республиканинг МДҲдаги 6 устувор йўналишларини санаб ўтди

Дата: 15:18, 13-10-2017.

Тошкент. 13 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида республиканинг ташкилот доирасидаги 6 устувор йўналишларини санаб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Биринчидан. Биз Ҳамдўстлик маконида ҳеч қандай истисно ва чекловларсиз тез фурсатда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантиришнинг тарафдоримиз. Йил бошидан буён Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан зиёд ошганини таъкидламоқчиман. Ўзбекистон МДҲга аъзо мамлакатлар билан савдо, инвестиция, инновация ва молия соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор. Биз венчур лойиҳалар ва иқтисодий зоналарни биргаликда ривожлантиришга тайёрмиз. Иккинчидан. Транспорт ва коммуникациялар соҳаси, МДҲ маконида самарали интеграциялашган транспорт тизимини ривожлантириш, минтақамизнинг улкан транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш стратегик муҳим йўналишдир. Маъмурий тартибот ва регламентларни такомиллаштириш, юк ташувлари ва транзит учун ўзаро преференциялар тақдим этишни бу борадаги ишларнинг муҳим жиҳатлари, деб ҳисоблаймиз”, - деб таъкидлади у.

“Учинчидан. Амалий илмий-техник ҳамкорлик ва таълим соҳасидаги алмашинувни кенгайтиришга ҳамкорликдаги ҳаракатларимизнинг устувор йўналиши сифатида қараймиз. Бизнинг Россиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан биргаликда тўплаган тажрибамиз асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурлар, юқори технологиялар соҳасида лойиҳалар, шунингдек, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришни таклиф этамиз. Тўртинчидан. Туризм соҳасида катта истиқболлар мавжуд. Фикримизча, биздаги кенг имкониятлар ва улкан туризм салоҳияти, афсуски, ҳалигача тўлиқ ишга солинмаган. МДҲга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини 2020 йилга қадар ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини биргаликда таҳлил қилиш ва аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳамдўстликнинг Туризм бўйича кенгашининг навбатдаги мажлисларидан бирини Самарқандда ўтказишни таклиф қиламиз”, - деб давом этди Мирзиёев.

“Бешинчидан. Биз ҳарбий-техник соҳадаги кооперация даражасини ошириш, мамлакатларимиз ўртасидаги мавжуд шартнома ва битимлар доирасида қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқишдан манфаатдормиз. Олтинчидан. Барча бунёдкорлик режаларимизни фақат тинчлик ва барқарорлик шароитида, хавфсизликка таҳдид солувчи замонавий хавф-хатарларга ўз вақтида жавоб қайтариш орқали рўёбга чиқариш мумкинлиги аён ҳақиқатдир. Шу муносабат билан жиноятчилик, терроризм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва одам савдосига қарши муросасиз курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар йўналишидаги ҳамкорлик муҳим амалий аҳамиятга эга”, - деб хулоса қилди Ўзбекистон раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: