Ўзбекистон президенти республиканинг йирик ноёб объектларини санаб ўтди

Дата: 15:41, 09-12-2015.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ - Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида республиканинг йирик ноёб объектларини санаб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугун биз Ўзбекистонимизда барпо этилаётган энг замонавий, улкан ва ноёб саноат объектлари билан ҳар томонлама фахрланишга ҳақлимиз. Айниқса, Сурғил кони негизида қиймати 4 миллиард доллардан зиёд бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси каби объектларнинг фойдаланишга топширилаётгани, “GM” компанияси билан ҳамкорликда автомобиль двигателлари ишлаб чиқарилаётгани, “МАН” компанияси иштирокида Самарқанд вилоятида юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарадиган янги комплекс ташкил этилгани, шунингдек, Япониянинг “Исузу” компанияси билан биргаликда автобуслар ишлаб чиқарилаётгани, “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси” масъулияти чекланган жамияти базасида “Дамас” ва “Орландо” енгил автомобиллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Шулар қаторида Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқарадиган завод барпо этилгани, темир йўл магистралларининг электрлаштирилаётгани, юқори тезликда ҳаракат қиладиган “Тальго-250” йўловчи поездлари харид қилиниб, Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Қарши йўналишлари бўйича уларнинг ҳаракати йўлга қўйилгани ва шулар сингари бошқа ютуқларимиз барчамизга ғурур ва ифтихор етказиши муқаррар”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Янги йилда (2016-йил – ЎзТАГ) И.Каримов тезюрар поездларнинг Тошкент – Бухоро йўналиши бўйича қатнови йўлга қўйилишига ҳам эътибор қаратди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: