Ўзбекистон президенти Россия ИИВ раҳбарини қабул қилди

Дата: 10:36, 24-05-2017.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 май куни мамлакатга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва қурол-яроғлар ноқонуний айланишига қарши курашиш соҳасидаги ўзаро фаол ҳамкорлигини давом эттириш ғоят муҳим эканини таъкидлади.

Учрашувда Президентимизнинг шу йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига олий даражадаги ташрифи давомида қабул қилинган икки томонлама, шу жумладан, миграция соҳасига оид келишув ва битимларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди.

Россия ички ишлар вазири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг эзгу тилакларини етказди.

В.Колокольцев мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ўртасида кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: