Ўзбекистон президенти Самарқанд ва Тошкентдаги ислом маданияти марказлари ҳақида сўзлаб берди

Дата: 15:58, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Самарқанд ва Тошкентдаги ислом маданияти марказлари ҳақида сўзлаб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этилмоқда. Бу лойиҳага бутун ислом дунёсида қизиқиш жуда катта. Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессиясида ҳам шу ҳақда гапирдик”, - деди давлат раҳбари.

Албатта, деб давом этди Мирзиёев, бундай марказни барпо этишдан мақсад фақат туристлар сонини кўпайтириш, иқтисодий фойда олиш эмас. “Асосий мақсадимиз – Қуръони каримдан кейин энг мўътабар манба бўлган энг ишончли ҳадислар тўпламини яратган Имом Бухорий бобомизнинг қутлуғ мероси билан халқимиз, аввало ёшларимизни таништириш, уларнинг қалбида миллий ғурур, фахру ифтихор уйғотишдан иборат”, - деб таъкидлади Ўзбекистон президенти. 

“Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилмоқда. Токи, болаларимиз бошини баланд кўтариб, мен мана шундай улуғ инсонларнинг авлодиман, деб яшайдиган бўлсин, уларга муносиб бўлиб вояга етсин”, - деб тилак билдирди Мирзиёев.

Токи улар шундай боболаримиз меросини ўқиб-ўрганиб Ислом дини – бу террорчилик ва экстремизм дини эмас, аксинча, эзгулик, олижаноблик, бағрикенглик дини эканини англаб етсин. Ҳақиқий маърифат билан жаҳолат дунёсини ёритиш – мана, бизнинг мақсадимиз, - деди ўзбек давлати раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: