Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инвестицияларни ўзлаштиришдаги сусткашликни танқид қилди

Дата: 10:28, 14-05-2019.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев инвестицияларни ўзлаштиришдаги сусткашликни танқид қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ш.Мирзиёев 13 май куни хорижий инвестициялар иштирокидаги устувор лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

"Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришда сусткашлик, катта молиявий имкониятлардан фойдаланишда самарасизлик танқид қилинди. Эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳаларни ўз вақтида ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича қўшимча топшириқлар берилди", - дейилади хабарда.

Шу билан бирга, иш ўринларини яратишга ёрдам берадиган янги иқтисодий самарали лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Таъкидланганидек, йиғилишда асосий эътибор БАА мисолида инвестицияларни жалб қилиш соҳасида ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишга қаратилди. Соҳага энг илғор ёндашув ва иш услубларини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви Академиясида БАА мутахассислари иштирокида малака ошириш курслари ва вебинарларни ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар муҳокама қилинди ва вазифалар белгиланди.

Шунингдек, йиғилишда Тошкент шаҳрида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда замонавий саноат корхоналарини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Ушбу лойиҳалар талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлашга, шаҳарнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланишга қаратилиши лозимлиги қайд этилди. Уларнинг тезроқ ишга туширилиши ҳақида кўрсатмалар берилди.

"Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари инвестиция соҳасидаги қонунчиликни инвесторлар учун муҳим ва ишончли кўрсаткич сифатида хизмат қиладиган халқаро нормаларга мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади", дея якунланади хабар.

Йиғилишда берилган топшириқлар бўйича тегишли амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.


Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: