Ўзбекистон президенти шоира Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш дастурини тасдиқлади

Дата: 12:13, 03-11-2014.

Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Халқ шоираси Зулфия таваллудининг 100 йиллик юбилейини байрам қилиш дастурини тасдиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Дастурга мувофиқ, махсус ташкилий қўмита бир ой муддатда ушбу санани нишонлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Унга, хусусан, шоиранинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини, “Зулфия замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишлари киритилди. Бундан ташқари, шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, “Мустақиллик даври адабиётида Зулфия ижодининг аҳамияти” мавзусида илмий конференция ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда”, – деб таъкидлашди мамлакат Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизматида.

“Нишонлашнинг марказий тадбири 2015 йил март ойида Тошкент шаҳридаги “Туркистон” саройида зиёлилар, фаол хотин-қизлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида шоира хотирасига бағишланган ижодий кеча бўлади. Шунингдек, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш ҳам режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: