Ўзбекистон Президенти соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказди

Дата: 15:45, 08-02-2017.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказиб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Президентни таъкидлашича, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда тиббиёт соҳасидаги вазиятни ўзгартириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаяпти. Буни аҳолидан Халқ қабулхоналари ва Президентнинг Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган кўплаб ариза ва шикоятлар тасдиқлаб турибди. 

 “Бирламчи тиббиёт муассасалари, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизимининг фаолияти ҳамон қониқарсиз аҳволда қолмоқда. Шифохоналар ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, жумладан, ижтимоий дорихоналар ташкил этиш бўйича берилган топшириқлар ижроси талаб даражасида эмас”, - деб қайд этди давлат раҳбари.

Мирзиёевнинг фикрига кўра, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича сезиларли ишлар кўзга ташланмаяпти. Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини ривожлантириш ишларига етарлича эътибор берилмаяпти. 

Учрашувда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган марказларнинг туман тиббиёт бирлашмалари, бу бирлашмаларнинг қишлоқ врачлик пунктлари ва поликлиникалар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди.

“Тиббий хизматнинг қайси турлари бепул амалга оширилиши ва қайсиларига пул тўланишини аниқ белгилаш, ҳар бир муассасада кўринарли жойга ёзиб қўйиш зарур”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: