Ўзбекистон президенти суд тизимига катта ўзгартишлар киритди

Дата: 18:49, 22-02-2017.

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти суд тизимига катта ўзгартишлар киритди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ, олдин хабар берганимиз каби, республика Судьялар олий кенгаши ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, унинг 21 нафар бўшаётган ижро аппарати штат бирлиги Кенгашга ўтказилмоқда. Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий судининг раислари, раис ўринбосарлари, судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан сайланиш тартиби белгиланди.

Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот маркази сифатида ўзгартирилмоқда.

2017 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судини бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судларнинг 159та штат бирлигини қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг қўриқлаш взводини тугатиш режалаштирилган.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлар штат бирликларини судьялар ва ҳарбий судлар ходимларидаги ҳарбий хизматчилар ҳуқуқий мақоми, шу жумладан ҳарбий хизматчилар учун белгиланган ҳуқуқ, имтиёз ва афзалликлар сақланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъатини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатини ташкил этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари этиб ўзгартирилади. Ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларини ташкил этилмоқда.

Хўжалик судларининг амалдаги судьялари ваколат муддати тугагунига қадар Олий суд ва тегишли Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларининг судьялари сифатида ўз фаолиятини амалга оширишни давом эттириши белгилаб қўйилган.

Янгидан ташкил этилаётган судларни тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг қўшимча 560та штат бирлиги, шу жумладан 318та судьялик штат бирлиги ажратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилмоқда. Унинг вазифаларига судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кабилар киради.

Хужжатга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда судлар фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳолатини танқидий ўрганиш ҳамда суд тизими фаолияти самарадорлигини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишга қаратилган ахборот тизимлари ва ресурсларини янада такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Дастурини тасдиқлаш ҳақидаги тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш топширилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: