Ўзбекистон президенти судьяларнинг ёш чегарасини белгиловчи қонунни имзолади

Дата: 18:14, 13-04-2017.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти судьяларнинг лавозимда бўлиш муддатларини белгиловчи қонунни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Куни кеча 12 апрелда давлат раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга имзо чекди.

“Судлар тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга мувофиқ, судьяларни сайлаш (тайинлаш), уларнинг ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиш тартиби белгиланди.

Қонун билан судьялик лавозимида бошланғич беш йил, навбатдаги ўн йил ва кейинги муддатсиз ишлаш, судьялар ваколати муддатини ҳисоблаш тартиби, улардан келиб чиқиб умумий судьялик стажини ҳисоблаш тартиби, судлар раисларини 5 йилга сайлаш (тайинлаш), бу лавозимни бир судда кетма-кет икки муддат давомида эгаллашга тақиқ қўйиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Олий судда судьялик лавозимини эгаллашда ёш чегараси ўрнатилмоқда. Олий судда бу чегара 70 ёшни, бошқа судларда 65 ёшни ташкил қилади. Айни пайтда Олий судда судьяликни 5 йилга чўздириш имконияти мамлакат президенти томонидан, бошқа судларда Олий суд кенгаши томонидан тақдим этилади.

Қонун, шунингдек Ўзбекистон суд тизимини ислоҳ қилишга қаратилган қонунчилик актларига бошқа ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳам назарда тутади.

Эслатиб ўтамизки, ушбу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йилнинг 18 март куни қабул қилинган ва Сенат томонидан 2017 йилнинг 28 март куни маъқулланган. Қонун 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб кучга киради. Судьяларни сайлаш, тайинлаш ва ваколати муддати тартиби тўғрисидаги низом, ҳужжат ОАВда расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: