Ўзбекистон президенти тўрт мамлакат элчилари ёрлиқларини қабул қилди
Тошкент. 8 январ. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Миср, Вьетнам, Ҳиндистон ва Индонезиянинг янгидан тайинланган элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) президент матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Президент Ислом Каримов Ўзбекистон халқаро ва минтақавий долзарб масалаларда тобора муҳим ўрин тутаётган Миср, Вьетнам, Ҳиндистон ва Индонезия билан алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият бераётганини таъкидлади.
Миср элчиси Ғада ал-Ғаннам билан суҳбатда ҳар икки мамлакат сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан бирдай манфаатдор экани қайд этилди. Элчи дунёда нафақат бой маданий ва тарихий мероси билан машҳур бўлган, айни пайтда замонавий шароитда ишончли ҳамкор сифатида танилган Ўзбекистонда Миср вакили сифатида фаолият юритишини ўзи учун юксак шараф, деб билишини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Элчи Фам Ван Фао мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, давлатлараро битим ва келишувларни амалга оширишда ўзининг куч ва имкониятларини ҳамда дипломатик тажрибасини ишга солишини қайд этди.
Ҳиндистон элчиси Викрам Дораисвами билан мулоқот чоғида олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани, шунингдек, икки мамлакат ҳукумат тузилмалари, ишбилармон доиралар вакиллари, маданият арбоблари ўртасидаги алоқалар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан салоҳият мавжудлигига тасдиқлаши таъкидланди.
Ўзбекистон Индонезияга Жануби-шарқий Осиёдаги муҳим ва истиқболли шериклардан бири сифатида қарайди. Элчи Алит Сантика Индонезия Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини баён қилди.
Мулоқотлар чоғида томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.