Ўзбекистон президенти таълим тизимидаги туб ислоҳотлар ҳақида гапириб берди

Дата: 13:51, 02-10-2017.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида “Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига” номли мактубида таълим тизимидаги туб ислоҳотлар ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бугунги кунда биз замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳотларни амалга оширишга киришдик. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, 5 та янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этиш, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича татбиқ этилаётган, узоқни кўзлаган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар, албатта, ҳаммадан кўра яхши тушунасиз”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Ана шу ишларимизнинг давоми сифатида шу кунларда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати, “Астрономия ва аэронавтика” боғи ташкил этилаётгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда таълим сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришга хизмат қилади, деб давом этди Мирзиёев.

“Шунингдек, Тошкент шаҳрида Америка Қўшма Штатларининг нуфузли Вебстер университетининг филиали очилиши ҳам илм-фан ва таълим соҳасида илғор хорижий тажриба ва инновацияларни жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлади”, - дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: