Ўзбекистон президенти Татаристон раҳбарини қабул қилди

Дата: 12:55, 26-09-2017.

Тошкент. 26 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябр куни мамлакатга амалий ташриф билан келган Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихоновни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Ш.Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар ҳамда жорий йил апрель ойидаги Россияга давлат ташрифи доирасида имзоланган икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ Россиянинг Татаристон ва бошқа субъектлари билан алоқалар фаоллашиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, автомобилсозлик, машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги тармоқлари, ахборот технологиялари соҳаси ва бошқа йўналишларда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашув ва сайёҳлик соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма дастурларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Татаристон президенти Рустам Миннихонов Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: