Ўзбекистон президенти театр ишчиларини уй-жой билан таъминлашни топширди

Дата: 16:03, 16-10-2017.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Хоразм вилояти мусиқали драма театрига ташрифи доирасида ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий уй-жой қуриб бериш, театрнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, театрга ташриф Президентнинг 14-15 октябрда вилоятга сафари доирасида бўлиб ўтди.

Хоразм вилояти мусиқали драма театри 1975 йилда қурилган. Президентимиз ташаббуси билан шу кунларда театр биноси, жумладан, 572 томошабинга мўлжалланган зал капитал таъмирланмокда.

Театр саҳна декорациялари ва конструкциялари, либослар, грим ва постижер маҳсулотлари, парда ва бошқа буюмлар билан таъминланади.

Президент театр мутасаддилари билан мулоқотда театр фаолиятининг мазмун-моҳиятини янада бойитиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Хоразмнинг буюк тарихи борлиги, улуғ алломалар, шу билан бирга замона қаҳрамонлари ҳақида саҳна асарлари яратиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: