Ўзбекистон президенти темир йўлнинг стратегик объектларини санаб ўтди

Дата: 14:22, 07-11-2014.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ - Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзининг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги билан йўллаган табригида темир йўлнинг стратегик объектларини санаб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Нукус-Султон Увайстоғ ва Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши мамлакатимизни узоқ истиқболни кўзлаган ҳолда, барқарор ривожлантириш йўлида стратегик аҳамиятга эгадир. Япониянинг Халқаро ҳамкорлик банки иштирокида мураккаб табиий ва иқлим шароитларида барпо этилган, денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда жойлашган тоғ довони орқали ўтадиган 223 километр узунликдаги Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон янги темир йўли моҳият эътибори билан Марказий Осиёда ўхшаши бўлмаган ноёб иншоот ҳисобланади”, – деб санаб ўтди И. Каримов.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда “Мароқанд-Қарши ва Қарши-Термиз темир йўл тармоқларини электрлаштириш борасидаги ишлар ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда”.

Ўзбек давлати раҳбарининг фикрига кўра, янги темир йўл магистралларининг ишга туширилиши мамлакатининг шимолий ва жанубий минтақаларининг иқтисодий салоҳиятини янада ривожлантириш, минерал ресурслар, нефть ва газ, рангли металлар, қурилиш материаллари ва бошқа қимматбаҳо фойдали қазилмаларнинг бой конларини комплекс ўзлаштириш учун, ҳеч шубҳасиз, катта имкониятлар очади, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларимизнинг даромадлари ва моддий фаровонлигини ошириш учун шароит яратишга қандай муҳим ҳисса қўшади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: