Ўзбекистон президенти темирйўлчиларни мукофотлади
Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов 5 ноябр куни “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг (ДАК) 20 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) президент матбуот хизмати сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” ходимларига “Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, темир йўл транспорти тизимини замон талаблари асосида ривожлантириш, соҳадаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун” фахрий унвонлар берилади.
Шунингдек, улар “Республикамиз темир йўл транспорти тизимидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, тармоқнинг барқарор ва самарали ишлашини таъминлаш, соҳага илғор технологияларни жорий қилиш ҳамда янги темир йўлларни барпо этиш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун“ орден ва медаллар билан мукофотланадилар.
Давлат раҳбари фармони билан “Ўзбекистон темир йўллари”нинг 40 ходими фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланмоқда.
Батафсил маълумотлар президент матбуот хизмати сайтида мавжуд.


