Ўзбекистон президенти ТИВнинг катталашиб кетган штати ва ЖИДУнинг дипломатларни тайёрлаш бўйича ёмон ишидан норозилик билдирди

Дата: 12:46, 15-01-2018.

Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташқи ишлар вазирлигининг катталашиб кетган штати ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг (ЖИДУ) дипломатларни тайёрлаш бўйича ёмон ишидан норозилик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Мен Бош вазир лавозимида ишлаган пайтимда бутун Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимларининг сони 180 кишидан иборат эди. Ана шу 180 киши мамлакатимиз иқтисодиётининг оғир аравасини, ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан, ўз елкасида тортар эди. Хусусан, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, коммунал соҳа, қурилиш, ҳудудларни ривожлантириш, экспорт ва инвестициялардан бошлаб таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида кенг қамровли ишлар олиб борилар эди”, - деди давлат раҳбари ўзининг ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги элчихоналар фаолиятига бағишланган йиғилишдаги нутқида.  

 Энди қуйидаги рақамларга эътибор беринг: ҳозирги кунда Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппаратида 334 ходим, унинг қуйи муассасаларида 900дан ортиқ, элчихоналаримизда эса 300 киши ишламоқда. Жами бир ярим минг кишидан ортиқ, деб таъқидлади Мирзиёев. 

 “Лекин мана шундай йирик вазирликнинг иш фаолияти бугунги куннинг кескин ва ўткир талабларига жавоб беряптими, деган табиий савол туғилади. Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш қийин. Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродов раҳбарлигидаги комиссия Ташқи ишлар вазирлигининг таркибий тузилмасини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича аниқ таклифлар киритиши зарур”, - дея қайд этди давлат раҳбари.

 Афсуски, деб давом этди Ўзбекистон президенти, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (А.Жуманов) чинакам истиқболли, ўз касбига садоқатли ва профессионал ёш кадрлар тайёрлаш бўйича вазифаларни тўлақонли бажараётгани йўқ. “Университет битирувчиларининг давлат идораларига ишга жойлашиши ўта паст даражада қолмоқда”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Мисол учун, 2017 йилда университетни битирган 235 ёшларнинг атиги 14 нафари Ташқи ишлар вазирлигига ишга қабул қилинган. Улар орасида халқаро иқтисодий муносабатлар факультетини битирган биронта ҳам йигит-қиз йўқ. Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига ҳам ушбу университетни ўтган йил тамомлаган биронта ёш мутахассис ишга олинмаган, деб қайғурди давлат раҳбари.

Сурат манбаи: http://uza.uz/en/politics/a-country-with-healthy-children-has-a-great-future-06-01-2017

Янгилик билан ўртоқлашиш: