Ўзбекистон президенти Тошкентдаги “Ашхобод” парки билан танишди
Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон президенти Тошкентнинг Яшнабод туманидаги “Ашхобод” парки билан танишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи чоғида шаҳар ва қишлоқларимизда яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун фойдали бўлган дарахт ва буталар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бундай боғлар бугун юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий меъморчилик талаблари асосида бунёд этилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.
Умумий майдони 10 гектардан ортиқ бўлган ушбу сайлгоҳга кираверишда катта фаввора қурилган. “Боғдаги хушманзара дарахтлар, замонавий ўриндиқлар ва бошқа қулайликлар киши кайфиятини чоғ қилиб, атроф-муҳитга сўлимлик бахш этади”, - дейилади хабарда.
Шундан кейин қайд этилишича, президент сайлгоҳ атрофи, унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган.