Ўзбекистон президенти Трампга ҳамдардлик билдириб, терактни тергов қилишда кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеев АҚШ президенти Дональд Трампга ҳамдардлик билдириб, терактни тергов қилишда кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Нью-Йорк шаҳридаги беайб фуқароларнинг ҳаётларини олиб кетган террористик акт муносаати билан самимий таъзиямни қабул қилинг. Ушбу шафқатсиз жиноятни ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмайди. Биз экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишини қаттиқ қоралаймиз. Содир бўлган фожиа бу каби ноинсоний замонавий таҳдидларга қарши курашда халқаро ҳамжамиятнинг барча кучларини бирлаштириш зарурлигини яна бир тасдиқлайди. Ўзбекистон ўз томонидан мазкур террористик актни тергов қилишда кўмаклашиш учун барча куч ва воситаларни ишга солишга тайёр”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Шундан кейин таъкидланишича, давлат раҳбари Америка Қўшма Штатлари халқига ҳар томонлама бирдамлик ҳиссини изҳор этган. “Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўрайман, шунингдек, барча жароҳат олганларга тез орада соғайиб кетишларини тилайман”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.