Ўзбекистон президенти Туркманистонга расмий ташриф буюрди
Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 23 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистонга келди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ашхобод шаҳрининг халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Туркманистон давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов кутиб олди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган «Сердар» ҳукумат қароргоҳига йўл олди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.
Дастурга мувофиқ расмий ташрифнинг асосий тадбирлари 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланади.
Эслатиб ўтамизки, ташриф Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.
Илгари ЎзТАГ Ислом Каримов 23-24 октябр кунлари Туркманистонга расман ташриф буюриши ҳақида хабар қилган эди.