Ўзбекистон Президенти ҳуқуқни муҳофаза қилувчилардан янада самаралироқ ишлашни талаб қилди

Дата: 13:06, 10-02-2017.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилувчилардан янада самаралироқ ишлашни талаб қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу талаб 9 февралда ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида очиқланди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. “Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев жиноятларни очиш борасида ҳам қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидлади. Хусусан, ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош этилмаган.

Президентнинг фикрига кўра, жиноят-қидирув фаолиятида жиддий нуқсонлар учрамоқда, айрим жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмас. “Қидирувда юрган аксарият шахсларнинг қўлга олинмаётгани уларга жиноий қилмишларини давом эттиришга имкон беради ва бу ғоят ташвишли ҳолдир”, - деб хавотир билдирди Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: