Ўзбекистон президенти ҳукуматнинг ижроя таркибини ўзгартирди

Дата: 18:06, 13-06-2017.

Тошкент. 13 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг ижроя таркибини ўзгартирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзгартишлар президентнинг 12 июндаги қарори билан тасдиқланган.

Қарор билан бош вазир ўринбосари – Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси ҳамда Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш Йиғма ахборот-таҳлил департаменти раҳбари лавозими бекор қилинди. Аввалроқ мазкур лавозимда Рустам Азимов ишлар, 6 июндан эса Жамшид Қўчқоров эгаллаган эди.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартишлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбари лавозими таъсис этилди.

Бундан ташқари, бош вазир ўринбосари – Экология, атроф-муҳит муҳофазаси, жисмоний маданият ва спорт масалалари бўйича комплекс раҳбари ўринбосари лавозими бекор қилинди. Шу вақтгача мазкур лавозим вакант эди.

Бош вазир ўринбосари – “Ўзавтосаноат” АК бошқаруви раиси – Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари лавозими ўрнига бош вазир ўринбосари – “Ўзавтосаноат” АК бошқаруви раиси – Ташқи иқтисодий фаолиятни, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари таъсис этилди.

Ҳукумат тузилмасида Таълим ва фан масалалари Ахборот-таҳлил департаменти (АТД), ёшлар сиёсати, маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари АТД, Иқтисодиёт тармоқлари ва республика ҳудудлари экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари АТД ҳамда Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси бекор қилинди.

Таълим, фан ва ёшлар сиёсати масалалари АТД, Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар АТД, Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартишлар, банк ва молия тизимларини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари Йиғма АТД, Инвестицион дастурларни амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этишни шакллантириш ва мониторинги масалалари АТД, Ташқи иқтисодий фаолиятни, иқтисодиёт соҳалари ва республика ҳудудларининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш АТД ҳамда Ҳуқуқий экспертиза, халқаро шартномалар ва ташқи алоқаларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди.

Бош вазирга Таълим, фан ва ёшлар сиёсати АТД, Маданият, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар АТД ҳамда Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний маданият ва спорт АТДга раҳбарлик қилиш юклатилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: