Ўзбекистон президенти ва Бавария бош вазири иккитомонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар

Дата: 12:33, 23-01-2019.

Тошкент. 23 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Бавария бош вазири Маркус Зёдер иккитомонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари матбуот хизматининг маълумотларига кўра, учрашув 22 январда Мюнхенда (Бавария, Германия) бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, Ш. Мирзиёев фахрий меҳмонлар китобига имзо қўйди.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Маркус Зёдерни Германия Христан-социал иттифоқи раиси этиб сайлангани билан табриклаб, унинг ушбу юксак мартабадаги фаолияти икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашишига ишонч билдирди. 

Шунингдек, Ш. Мирзиёев Федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер, Федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан музокаралар давомида ўзаро англашувга эришилгани ва ҳамкорлик лойиҳалари қўллаб-қувватланганини таъкидлади. 

Ўз навбатида, М. Зёдер Ўзбекистон президентини Мюнхенда кўриб турганидан мамнун эканини билдириб, Германия билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар икки мамлакат манфаатларига хизмат қилиши, савдо-иқтисодий соҳадаги самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлишини қайд этди. 

Мамлакатнинг Бавария билан муносабатлари узоқ тарихга эгалиги қайд этилди. “Тарихчи Шильтербергнинг Амир Темур ҳузурида бўлгани тўғрисидаги ёзма хотиралари халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар тилга олинган илк ҳужжатли манбалардан биридир”, - дейилади хабарда. 

Шундан кейин айтилишича, томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида илғор немис технологияларини янада кенг жорий этишдан манфаатдор эканлигини таъкидладилар. Маданий-гуманитар алоқалар, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Учрашувда Германия компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли корхоналар очиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо-сотиқ ва қўшма лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Маркус Зёдер Шавкат Мирзиёевга Германия ишбилармон доираларининг Ўзбекистондаги лойиҳалари ва таклифларига кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли бизнес шерикликдан ғоят манфаатдор эканини қайд этди. 

Президент Бавария Бош вазирига Германия музейларида сақланаётган Ўзбекистон тарихий ёдгорликлари ҳақидаги китоб-альбомни совға қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20-22 январ кунлари Германияда расмий ташриф билан бўлди.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: