Ўзбекистон президенти Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мукофотлар топширди

Дата: 16:50, 13-01-2015.

Тошкент. 13 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбари сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра,  ходимлар гуруҳи “давлатнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш, ёшларни миллий истиқлол ғояси ва она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш, барқарорлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидоийлик кўрсатгани учун” мукофотланган.

Хусусан, II даражали “Шон-шараф” ва “Дўстлик” орденлари билан 3тадан, “Мардлик” ордени билан 11, “Шуҳрат” медали билан 32, “Жасорат” медали билан 39 ва “Содиқ хизматлари учун” медали билан 43 ходим тақдирланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: