Ўзбекистон президенти вилоятлардаги томорқалардан самарали фойдаланишга чақирди
Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти вилоятлардаги томорқалардан самарали фойдаланишга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу чақириқ давлат раҳбари томонидан 11 апрел куни унинг раислигида ўтган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши доирасида янгради.
“Айни вақтда мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида бу борада жиддий оқсоқлик кўзга ташланмоқда. Баъзи минтақаларда яратилаётган қулай шароит ва имкониятларга қарамасдан, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўз аҳолисини тўлиқ таъминлашга эришилмаган. Масалан, Қашқадарё вилоятида маҳаллий аҳолини ҳудудда етиштирилган мева билан таъминлаш даражаси 71 фоизни, Сирдарё вилоятида 85 фоизни ташкил этмоқда. Бу албатта ҳеч кимни қаноатлантирмайди”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати сайтида жойлаштирилган хабарда.
Йиғилишда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўлларидан бири – бу аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиши билан узвий боғлиқ экани таъкидланди. “Афсуски, бу борадаги аҳвол ҳамма жойда ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Масалан, жорий йил давомида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, Навоий вилоятида 27 фоиз, Самарқанд вилоятида 45 фоиз, Бухоро вилоятида 47 фоиз, Жиззах вилоятида 50 фоиз томорқа ерларида, афсуски, озиқ-овқат экинлари ва мевали дарахтлар экилмаган”, - деб таъкидланади хабарда.
Ана шу масалаларни ҳал қилиш юзасидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликлар раҳбарларига озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилди. “Жумладан, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 66 тумандаги 455 минг гектар унумдор ердан, 2017-2020 йилларда пахта ва ғалладан бўшайдиган 215 минг гектар майдондан унумли фойдаланиш зарурлигига урғу берилди. Шунингдек, мамлакатимиздаги 4 миллион 600 минг хонадонга тегишли 515 минг гектар томорқа ерларига жорий йилнинг 1 майига қадар озиқ-овқат экинларини тўлиқ экишни таъминлаш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди”, - дея хулоса қилинади хабарда.