Ўзбекистон президенти янги институтни ташкил қилди

Дата: 17:57, 16-08-2017.

Тошкент. 16 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Институт фаолияти ёшлар муаммоларини ўрганиш, мазкур йўналишда таҳлилий ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш, истиқболли ёш кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилади.

“Давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, жамоатчилик ташкилотлари истиқболли ёш кадрларини қайта тайёрлаш муддати 4 ойгача бўлган дастурлар бўйича ўтказилади ва якунда тегишли диплом тақдим этилади”, - дея таъкидланади хужжатда.

Институт тингловчилари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, жамоатчилик ташкилотлари томонидан тавсия этилган шахслар орасидан танлаб олинади. Бундан ташқари, номзод 30 ёшгача, олий маълумотли ва камида 2 йил иш стажига эга бўлиши талаб этилади. Танлов суҳбат ва тест синови асосида ўтказилади.

Институтда ишлаб чиқаришдан узилган ҳолда таълим олаётган тингловчилар бутун таълим даври давомида асосий иш жойидаги лавозими ва ойлик маошларини ҳам сақлаб қоладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: