Ўзбекистон Президенти янги холдинг компаниясини ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилди
Тошкент. 19 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти агросаноат машинасозлиги соҳасида акционерлик жамияти шаклидаги “Ўзагросаноатмашхолдинг” янги холдинг компаниясини ташкил қилиш ҳақидаги таклифни тасдиқлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Янги холдинг компания қишлоқ хўжалик машинасозлиги соҳасида ягона илмий-техникавий ва инвестицион сиёсатни ўтказиш билан шуғулланади. Ушбу сиёсат қишлоқ хўжалигида қувваттежовчи агротехнологияларни жорий этишни таъминловчи юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган замонавий қишлоқ хўжалик техника ва механизация воситаларини ишлаб чиқаришга қаратилган бўлади”, - деб таъкидлашди мамлакат Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида.
“Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компаниясининг бирламчи низом жамғармаси компанияга мустақил баҳолаш ташкилоти томонидан аниқланадиган қиймати бўйича берилаётган давлат акциялар пакетлари ва улушлари ҳисобига шакллантирилади.