Ўзбекистон президенти Янгийўл шаҳридаги “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғини ва касалхонага ташриф буюрди
Тошкент. 6 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Янгийўл шаҳридаги “Файзли” маҳалла фуқаролар йиғини ва касалхонага ташриф буюрди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
“Шу ерда Янгийўл шаҳрининг Бош режаси лойиҳаси, шаҳардаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш дастури ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш тўғрисида маълумот берилди”, - дейилади хабарда.
Янгийўл шаҳрида 86 минг 800 аҳоли истиқомат қилади. 241 та кўп қаватли уй бўлиб, уларга хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади.
“Президентга тақдим қилинган лойиҳаларда шаҳарда оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш ва янгилаш дастури, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Зангиота туманларида сув таъминотини яхшилаш, Чирчиқ шаҳрининг иссиқлик тизимини такомиллаштириш кабилар ўрин олган”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, давлат раҳбари “Файзли” маҳалласи профилактика инспектори уйида бўлди, аҳоли билан суҳбатлашди.
Таъкидланишича, Президент Янгийўл шаҳридаги мавжуд кўп қаватли уйларни тўлиқ таъмирлаш, 7 қаватли 12 та янги кўп қаватли уй-жой, замонавий боғ, бозор, супермаркет, кўприк қуриш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Янгийўл шаҳрига ташрифи давомида тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан танишди.
“Президент бирлашманинг кўз касалликлар ва кардиология бўлимларида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олди. Мутассаддиларга мазкур тиббиёт марказини қайта қуриш, аҳоли саломатлиги йўлида ҳеч нарсани аямаслик кераклигини таъкидлади”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://uz.all.biz/otdyh-v-sanatorii-yangiyul-s7621