Ўзбекистон президенти ёшлар термасини футбол бўйича Осиё чемпионатидаги ғалаба билан табриклади

Дата: 14:54, 29-01-2018.

Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар термасини футбол бўйича 23 ёшгача ёшлар ўртасида Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги ғалаба билан табриклади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Азиз фарзандларим! Қадрли устоз ва мураббийлар! Барчангизни футбол бўйича Ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг финал ўйинида ғоят оғир ва ноқулай об-ҳаво шароитида том маънода матонат ва жасорат намунасини намоён этиб, ғолибликни қўлга киритганингиз билан ўз номимдан, кўпмиллатли халқимиз номидан самимий муборакбод этаман”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган табрикда.

Сизлар қўлга киритган мислсиз бу ғалаба бутун халқимизга чексиз қувонч бағишлаб, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор кўрсатди. “Бу улкан зафар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги миллионлаб ёшларни мардлик ва матонат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга улкан ҳисса қўшади”, - дея қайд этди давлат раҳбари.

“Эл-юртимиз сизлар каби мард ва жасур, фидойи ўғлонлари билан, юртимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари билан фахрланади. Барчангизни бағримга босиб, сизларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, жонажон Ўзбекистонимизнинг шон-шуҳратини дунёга тараннум этишда доимо ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман”, - деб якунланади Ш. Мирзиёевнинг табриги.

Сурат манбаи: http://www.zimbio.com/photos/Eldor+Shomurodov/Jhow+Benavidez

Янгилик билан ўртоқлашиш: