Ўзбекистон президенти ёшларни экстремистик тарғиботнинг асосий нишонларидан бири деб ҳисоблайди

Дата: 13:30, 14-11-2017.

Тошкент. 14 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёшларни экстремистик тарғиботнинг асосий нишонларидан бири деб ҳисоблайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У бу хавотирни Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда билдириб ўтди.

“Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашнинг устувор йўналиши – экстремистик ғояларга қарши қатъий курашишдан иборатдир. Кўпинча ҳаётга энди қадам қўяётган ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда”, - дея қайд этди Мирзиёев.

Марказий Осиё, деб ҳисоблайди Ўзбекистон президенти, аҳолининг ёши бўйича энг “ёш” минтақалардан биридир: бу ерда аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади ва бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқоридир. 

“Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг яқинда Нью-Йоркда бўлиб ўтган сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. “Ушбу ташаббусларни Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қўллаб-қувватлагани ёшлар ўртасида радикал қарашлар тарқалишининг олдини олиш, тўғри йўлдан адашганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтаришга тайёрлигимизнинг амалдаги яққол ифодаси сифатида намоён бўлади”, - деди Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: