Ўзбекистон президенти Жанубий Корея давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири билан музокаралар ўтказди

Дата: 13:44, 18-08-2016.

Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Куни кеча, 17 августда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сикни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Давлатимиз раҳбари меҳмонни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистон Корея Республикаси билан стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлашини ва бу муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади”, - деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шунингдек, Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро манфаатли ҳамкорликни, айниқса, давлат бошқарувини янада такомиллаштириш ва “Электрон ҳукумат”ни жорий этиш соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.

Ўз навбатида, Хон Юн Сук самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Корея Республикаси Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

“Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирган тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми $7 млрддан ошди. Мамлакатимизда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида ташкил қилинган 440 корхона фаолият юритмоқда, 77 компанияси ваколатхоналари очилган”, - деб қўшимча қилишди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: