Ўзбекистон президенти Жазоир президентига самолётнинг қулаши муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Дата: 14:21, 12-04-2018.

Тошкент. 12 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Блида вилоятининг Буфарик аэропорти яқинида ҳарбий самолётнинг қулаши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси Президенти Абдулазиз Бутефлика ва Жазоир халқига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамизки, Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 11 апрелда маҳаллий вақт билан соат 08:00 атрофида мамлакат пойтахти Жазоирдан 50 км жанубдаги ҳарбий аэродромдан учганидан кейин ҳалоқатга учради.

ОАВ маълумотларига кўра, маҳаллий фуқаролик мудофааси камида 257 киши мамлакат шимолидаги йирик авиаҳалокат қурбони бўлганлигини хабар қилган. Бу рақам мудофаа вазирлигидан ҳам тасдиқланган.

Жазоир ҳукумати мамлакатда уч кунлик миллий мотам эълон қилган.

Ал Арабия агентлиги маълумотларига кўра, самолёт мамлакат шимолидаги Блида провинциясидан жанубий-ғарбга йўналган бўлган. Мудофаа вазирлиги баёнотида йўловчиларнинг кўпчилиги ҳарбийлар ва уларнинг қариндошлари эканлиги айтиб ўтилган.

Самолёт Буфарик шаҳри яқинидаги ҳарбий базага қулаган. Ҳаво кемаси қулаганидан кейин бирдан ёниб кетган ва ёнғин келиб чиққан. Ҳалокат сабаблари ҳали маълум эмас.

Сурат манбаи: https://news.rambler.ru/politics/38777967-drugoy-alternativy-net-mirzieev-o-kandidature-putina-na-vyborah-2018/

Янгилик билан ўртоқлашиш: